Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг ҳудудий бўлимларига 40 та велосипед тақдим этилди

Кеча пойтахтимиздаги «Миллий» стадионда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (OSCE) томонидан «Юртимнинг мунис аёли, спорт билан гўзал камоли» шиори остида спорт тадбири ташкил қилинди. Мазкур тадбирда турли соҳаларда фаолият юритаётган аёл-қизлар, спортчилар ҳамда Ўзбекистон велосипед спорт федерациясининг ҳудудий бўлимларида фаолият юритувчи аёл мураббийлар иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини юксалтириш, спорт оммавийлигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида гапирди. Мустақил ҳаётга катта умид ва аниқ мақсадлар билан кириб келаётган навқирон авлод вакиллари, айниқса, қизларимиз спортга кундалик турмуш тарзининг бир қисми сифатида қараётгани энг катта ютуғимиз эканлигинини ҳам алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Л.Маркелова, велосипед спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси О.Забелинскаялар сўзга чиқиб, юртимизда велосипед спортига бўлган эътибордан жуда хурсанд эканликларини қайд этишди. Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан Республика Олимпия захиралари мактаб-интернатига, Ўзбекистон велосипед спорт федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги ҳудудий бўлимларига Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (OSCE) номидан 40 дона спорт велосипедлари тақдим этилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси раиси Т.Нарбаева, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби К.Ўринбойхўжаев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалаштириш координатори, элчи Жон МакГрегор, велосипед спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзоси Ольга Забелинскаялар иштирок этдилар. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилиши бўйича келишувга эришдилар.

 

29 Oktabr, 2018|Янгиликлар|