Ўзбекистон бадминтон федерацияси янги спорт иншоотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугунги кунда Ўзбекистонда спортни оммалаштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаларига биноан янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, 1992 йилдан буён Олимпия спорт тури ҳисобланадиган бадминтонни ривожлантириш, аҳоли орасида оммалаштириш ҳам ана шу кўрсатма ва топшириқлар асосида амалга оширилмоқда.

Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон бадминтон федерациясининг янги спорт иншооти ўз фаолиятини бошлади. Бир вақтнинг ўзида 100 нафар спортчининг яшаши учун яратилган шароитлар, бешта бадминтон корти терма жамоа аъзоларининг муҳим мусобақаларга тайёргарлик кўришлари учун 1 йил давомида қуриб битказилди ва тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, спортчи ва мураббийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Очилиш маросимида мартабали меҳмонлар рамзий лентани кесишди. Сўнгра Бош вазир ўринбосари сўзга чиқар экан, ушбу спорт иншоотининг қурилиши, яратилган шароитлар, ҳомийлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, бадминтон жароҳат олиш эҳтимоли жуда кам бўлган спорт тури эканлигини, қолаверса, тиббиёт томонидан ҳам бадминтон билан шуғулланиш тавсия этилганлиги ҳақида гапирди.

Сўнгра Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби сўзга чиқишди. Улар мазкур спорт базаси юртимизда бадминтон спортини оммалаштиришга хизмат қилиши, шунингдек, Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган профессионал спортчилар тарбиялашга эътибор қаратилишини таъкидлаб ўтишди. Барчани ушбу янги иншоот очилгани билан муборакбод этдилар.

Шундан сўнг бадминтончилар ўзига хос кўргазмали чиқишлар орқали йиғилганларга ўз маҳоратларини намойиш этиб беришди.

Кўргазмали чиқишдан сўнг терма жамоа мураббийи, спортчиларимиз сўзга чиқиб, яратилган шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтдилар. Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари оммавий ахборот воситалари ходимларига эсдалик учун бадминтон ракеткаларини совға қилди.

Ўзбек эстрадаси хонандалари чиқишлари тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбир якунида йиғилганлар учун миллий анъаналаримизга мос равишда дастурхон ёзилди.

Ушбу янги спорт базаси Республикамизда бадминтон бўйича маҳоратли спортчилар етишиб чиқишига ўз ҳиссасини қўшишига умид билдириб қоламиз.

 

27 Oktabr, 2018|Янгиликлар|