Жаҳон чемпионати. Елмурат Тасмурадов кумуш медални қўлга киритди

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Кеча -63 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Елмурат Тасмурадов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, финалга чиққани ҳақида хабар қилгандик.

Ҳамюртимиз мусобақа давомида Беларусь, Хитой, Молдова ва Украина вакилларидан устун келди. Ҳал қилувчи жангда эса россиялик Степан Марянянга қарши гиламга чиқди ва 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди.

Бу Венгриядаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси учун иккинчи медаль ҳисобланади. Бунгача эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов ушбу жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганди.

Маълумот учун, Елмурат Тасмурадов бунгача икки маротаба жаҳон чемпионатларининг бронза медалларига эга чиққан. Рио Олимпиадаси совриндори учун бу жаҳон чемпионатларидаги учинчи медаль бўлди.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан спортчимизни, унинг мураббийларини ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясини муборакбод этади.