ЎФА Германиянинг «JAKO» компанияси билан ҳамкорлик бўйича шартнома имзолади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар учун сифатли экипировкалар етказиб берувчи бир қатор хориж компаниялари билан музокаралар олиб боиб, якунда Германиянинг машҳур «JAKO» (“ЯКО”) компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда «JAKO» компанияси томонидан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, «JAKO» (“ЯКО”) компанияси вакили Фредди Жон Пол ҳамда миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов ЎФА «JAKO» компанияси билан 3 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилар экан, нима сабабдан ушбу компания билан ҳамкорлик қилишга қарор қилинганини айтиб ўтди:

«JAKO» компанияси жаҳонга машҳур компаниялардан бири ҳисобланади. Ушбу компания эндиликда турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун бошдан-оёқ экипировкалар етказиб беради. Эътиборли томони, миллий терма жамоамиз учун бу компания экипировкаларни текинга етказиб беради. Экипировкалар 96 хил нарсадан иборат. Бунинг ичида турли мавсум либослари, оёқ кийимлар ва бошқа аксессуарлар бор. Тез орада «JAKO» компаниясининг дўконларини ҳам юртимизда очиш режалаштирилган. Мухлислар терма жамоамиз либосларини харид қилиш имкониятига эга бўлишади. Миллий терма жамоамизга янги мураббий олиб келдик, янги компания билан ҳамкорликни бошлаяпмиз. Умид қилиб қоламизки, мазкур келишувимиз самарали бўлиб, терма жамоаларимиз халқаро майдонларда муваффақиятларга эришишади», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз ўрнида «JAKO» компанияси вакили Фредди Жон Пол Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер эса жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган «JAKO» (“ЯКО”) компанияси билан ҳамкорлик бошланаётгани катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, ушбу ҳамкорлик ЎФА ҳамда «JAKO» (“ЯКО”) учун манфаатли бўлишига умид билдирди.

Маълумот учун, «JAKO» (“ЯКО”) компанияси спорт экипировкалари (либос, оёқ кийим, аксессуарлар) ва инвентарларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган компания бўлиб, унга Руди Шпрюгель томонидан 1989 йилнинг 1 ноябрида асос солинган.

Айни вақтда «JAKO» (“ЯКО”) компаниясининг 40дан ортиқ мамлакатларда филиаллари мавжуд. Компаниянинг бош биноси Германиянинг жануби-ғарбидаги Холленбах округида жойлашган. Ҳозирда Австрия, Бельгии, Голландия, Швейцария каби мамлакатларнинг бир қатор клублари айнан «JAKO» компанияси билан ҳамкорлик қилади.

25 Oktabr, 2018|Янгиликлар|