Ўсмирлар Олимпиадаси қаҳрамонлари ватанимизда тантанали тарзда кутиб олинди

Хабарингиз бор, 6-18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур «кичик Олимпиада» ўзбекистонлик ёш атлетлар учун ҳар қачонгиданда омадли келди. Ўйинлар якунига кўра ҳамюртларимиз томонидан умумий ҳисобда 16 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 5 таси олтин, 4 таси кумуш ва 7 та бронза медалларидир. Медаллар сифати бўйича 206 мамлакат ичида 13-ўринни эгалладик.

Бугун тунда ушбу мусобақада иштирок этган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов сўзга чиқар экан, мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш спортчиларимизни табриклади. Мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этиб ўтди. Қўлга киритилган ютуқлар учун спортчи ва мураббийларга миннатдорчилик билдирди.

Сўнгра Аргентина Олимпиадасининг олтин медали соҳиблари Кумуш Файзуллаева, Умид Жалолов яратилган шароитлар ва имкониятлар учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдиришди. Бундан кейинги муҳим мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишга ваъда бердилар. Шунингдек, спортчиларимизнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг энг самимий тилакларини изҳор этишди.

Қайд этиш лозимки, мазкур ўйинларда Ўзбекистон ўз рекордини янгилади. Таққослаш учун, тўрт йил олдин Нанкинда бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпия ўйинларида спортчиларимиз 10 та медаль қўлга киритгандилар. Бу сафарги мусобақада эса ҳамюртларимиз 16 та медалга эга чиққан ҳолда мамлакатимиз учун ушбу ўйинлардаги энг яхши натижани қайд этдилар.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан барча спортчиларимизни, уларнинг мураббийларини ва спорт федерацияларини муборакбод этади ва олдинда турган нуфузли мусобақаларда ҳам ушбу зафарли юришни давом эттиришларини тилайди.