Буэнос-Айрес 2018. Янги рекордларга сабабчи бўлган мусобақа якунлари таҳлили

Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари якунланди. Бу сафарги «кичик Олимпиада» спортчиларимиз учун ҳар қачонгиданда муваффақиятли ўтди. Ўйинлар якунига кўра ўзбекистонлик ёш спортчилар томонидан умумий ҳисобда 16 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 5 таси олтин, 4 таси кумуш ва 7 та бронза медалларидир. Умумжамоа ҳисобида медаллар сифати бўйича 206 мамлакат ичида 13-ўринни эгалладик. Бу орқали Ўзбекистон ўсмирлар Олимпиадасидаги ўз натижасини яхшилади.

Мазкур ўйинларда қайси спорт мусобакалари биз учун муваффақиятли ўтди? Шу ҳақида бироз мулоҳаза юритиб кўрамиз.

Буэнос-Айрес Олимпиадаси айниқса оғир атлетикачиларимиз учун муваффақиятли кечди. Федерация спортчилари Аргентинадаги ўйинларга учта лицензия қўлга киритишганди. Якунда мусобақада иштирок этган ҳар уччала спортчимиз ҳам ўсмирлар Олимпиадаси медалларига сазовор бўлишди. Кумуш Файзуллаева олтин медални қўлга киритди. Муҳаммадқодир Тоштемиров ва Долера Давроновалар мос равишда кумуш ва бронза медаллари билан қайтадиган бўлишди. Демак, оғир атлетикачиларимизда медаль жамгариш бўйича 100 фоизлик кўрсаткич! Эътиборга молик томони ўзбекистонлик оғир атлетикачилар шу кунгача ўсмирлар Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлмагандилар. Умуман, оғир атлетикачиларимиз нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда. Индонезия мезбонлик қилган Осиё ўйинларида ҳам атлетларимиз жуда яхши қатнашишганди. Бунинг учун Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига миннатдорчилик билдириб қўйсак арзийди. Ноябрь ойида оғир атлетикачиларимизни Туркманистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати кутиб турибди. Биз ушбу мусобақада ҳам атлетларимиз зафарли юришларини давом эттиришларига ишонамиз.

Спорт курашлари баҳсларида ҳам полвонларимиз жуда яхши иштирок эта олишди. Аргентинага йўл олган тўрт нафар спортчимизнинг учтаси совриндорлар қаторидан ўрин олди. Полвонларимиз делегациямиз ҳисобига 3 та медаль (1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза) қўшиб қўйишди. Аёллар кураши баҳсларида қўлга киритилган медаль Ўзбекистон учун ўсмирлар Олимпиадасидаги дастлабкиси бўлди. Бунгача спорт курашлари билан шуғулланадиган ўзбекистонлик қизлар ўсмирлар Олимпия ўйинларида умуман медаль қўлга кирита олмагандилар. Демак, Шоҳида Аҳмедованинг кумуш медали Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси учун тарихий ахамият касб этди. Олтин медаль қўлга киритган Умиджон Жалолов, шунингдек Аргентинадаги Олимпиадада делегациямиз байроқдори вазифасини бажариб, якунда бронза медали соҳибига айланган Муҳаммадрасул Раҳимовдан ҳам келажакда умидимиз катта. Энди улардан катталар ўртасидаги Олимпия ўйинларида ҳам медаллар кутишга ҳақлимиз.

Эшкак эшиш бўйича баҳсларда олти нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Байдарка ва каноэда эшкак эшишнинг яккалик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз ўсмирлар Олимпия ўйинларида илк маротаба медалларга сазовор бўлишди. Эшкак эшувчиларимиздан 1 та олтин ва 1 та кумуш медали! Гулбаҳор Файзиева (олтин) ва Ислом Абдусаломов (кумуш) ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишди.

Бокс комплекс мусобақаларида Ўзбекистон учун медаль тақдим этадиган асосий спорт тури ҳисобланади. Аргентина Олимпиадасида тўрт нафар чарм қўлқоп устаси юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Мусобақа якунларига кўра, уларнинг уч нафари совриндорлар қаторидан ўрин ола билди. Абдумалик Халаков олтин медалга эга чиққан бўлса, Жаҳонгир Раҳмонов ва Тимур Мержанов ҳисобимизга бронза медалини қўшиб қўйишди. Дарвоқе, шуни алоҳида қайд этишимиз лозимки, Абдумалик Халаков олтин медални қўлга киритиши баробарида Бектемир Мелиқўзиевнинг натижасини такрорлай олди. Энди унда ҳам Бектемир каби ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва ўсмирлар Олимпиадасининг олтин медаллари бор. Навбат катталар ўртасидаги мусобақаларга, Абдумалик!

Дзюдочиларимиз мусобақага икки спортчи билан йўл олгандилар. Якунда уларнинг ҳар иккиси ҳам совриндор бўла олди. Медаллардан бирини Жайҳунбек Назаров дзюдонинг микст йўналишида қўлга киритди. Нилуфар Ермагамбетова эса бронза медалига сазовор бўлди.

Таэквондо бўйича баҳсларда юртимиз шарафини фақатгина Улуғбек Рашитов ҳимоя қилди ва у ўзига билдирилган ишончни тула оқлади. Ҳамюртимиз ушбу мусобақада таэквондочи йигитлар ичида кумуш медаль қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчи бўлди.

Каратэ бўйича беллашувларда қатнашган Дилдора Алиқулова гуруҳ баҳсларида мағлубиятсиз қатнашиб, ярим финалгача етиб бора олди. Финал остонасида эса япониялик рақибга тўқнаш келди. Каратэ ватани саналган кунчикар юрт вакилига қарши жангда Дилдорага бироз омад етишмади ва у якунда бронза билан кифояланди.

Шунингдек, гимнастиканинг микст баҳсларида иштирок этган Индира Ўлмасова ҳам бронза медалига сазовор бўлди.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим. Енгил атлетика бўйича беллашувларда ҳам медаллар қўлга киритишга жуда яқин келгандик. Афсуски, Роксана Худоярова (учхатлаб сакраш) ва Регина Адашбаева (босқон улоқтириш) дан сўнгги паллаларда омад юз ўгирди ва улар тўртинчи ўрин билан кифояланишди. Умид қиламизки, улар бу билан тўхтаб қолишмайди ва келажакда Ўзбекистондан енгил атлетика бўйича янги чемпионлар етишиб чиқади.

Шу тариқа узоқ кутилган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ниҳоясига етди. Миллий олимпия қўмитаси мусобақада иштирок этган спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва албатта юртимиздаги спорт федерацияларини ушбу муваффақият билан муборакбод этади ва олдинда турган нуфузли мусобақаларда ҳам ана шундай зафарли юришини давом эттиришларни тилайди.