Параосиё ўйинлари рекордчилари Тошкент халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди + ФОТОГАЛЕРЕЯ

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бўлиб ўтди. Мусобақада ўзбекистонлик спортчилар ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли иштирок этишди.

Кеча тунда ушбу ўйинларда иштирок этган спортчиларимиз Жанубий Корея орқали юртимизга қайтиб келишди. Спортчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари сўзга чиқар экан, қайд этилган юксак натижа, кўрсатилган жасорат учун ҳукумат номидан миннатдорчилик билдирди. Ушбу ютуқлар замирида улкан меҳнат ётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Миран Сахатов, Розахон Қўзиева каби спортчиларимиз, параатлетларимизнинг ота-онадари сўзга чиқиб, яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдиришди. Спортчиларимиз навбатдаги мусобақаларда бунданда юксак натижаларни қайд этишга ваъда беришди.

Шундан сўнг тантаналар Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида давом эттирилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди ва қўлга киритилган ютуқлар билан паралимпиячиларимизни табриклади.

Сўнга йиғилганлар учун байрамона дастурхон ёзилди. Эстрада хонандаларининг чиқишлари эса тадбирга янада кўтаринки рух бағишлади.

Эслатиб ўтамиз, ортда қолган Параосиё ўйинларида Ҳамюртларимиз томонидан 77 та медаль, жумладан 35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза медаллари қўлга киритилди. Бу орқали Ўзбекистон Параосиё ўйинларида медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам ўз рекордини янгилади.