Байдарка ва каноэда эшкак эшиш. Исломжон Абдусаломов кумуш медаль соҳиби

Аргентинадаги ўсмирлар Олимпия ўйинларининг олтинчи куни Ўзбекистон спорт делегацияси учун муваффақиятли бўлди. Бироз аввал оғир атлетика баҳсларида Кумушхон Файзуллаева олтин медалга эга чиққанди. Энди эса байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Исломжон Абдусаломов терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

Каноэнинг яккама-якка баҳсларида қатнашган ҳамюртимиз аввалига саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этди. Кейин чорак финалда Венгрия, ярим финалда Чехия вакилларини ортда қолдирди. Ҳал қилувчи баҳсда эса қозоғистонлик спортчига қарши кураш олиб борди ва кичик фарқ билан имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланди.

Исломжон Абдусаломовнинг медали ушбу ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси учун еттинчи медаль ҳисобланади. Айни пайтда вакилларимиз ҳисобида 2та олтин, 3та кумуш ва 2та бронза медаллари мавжуд.