Умид Аҳмаджонов Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ҳарбий спортчиларни тақдирлаш маросимида иштирок этди

Хабарингиз бор, шу йилнинг 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллашганди.

Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ҳарбий спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновлар ҳам иштирок этишди.

МОҚ раҳбари сўзга чиқар экан, Осиё ўйинларидаги муваффақиятда ҳарбий спортчиларимизнинг ўрни катта эканлиги ҳақида гапирди.

«Осиё ўйинларидаги муваффақиятда албатта ҳарбий спортчиларимизнинг ҳиссалари катта. Умуман, ўзбек спортида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт клубининг тутган ўрни беқиёс. Спортнинг деярли ҳар бир турида Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакилларини учратишимиз мумкин. Улар орасида Осиё ўйинлари, Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган спортчиларимиз талайгина. Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни қитъамизда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақада совриндор бўла олганлигингиз билан табриклайман. Энди 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида ҳам муваффақиятли юришни давом эттиришингизга тилакдошмиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Қайд этиш лозимки, Осиё ўйинларида совриндор бўлган спортчиларнинг 33 нафари Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари ҳисобланадилар. Тадбир давомида Осиё ўйинлари совриндорларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Мусобақа чемпионлари Вадим Меньков, Руслан Нуриддинов, шунингдек, кумуш медаль соҳибаси Надия Дусановага лейтенант ҳарбий унвонлари тантанали равишда топширилди.