Буэнос-Айресда III ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди

Тантанали маросим Буэнос-Айреснинг машҳур «Obelisco» майдонида ташкил этилди. Маросимнинг кириш қисмидан сўнг, иштирокчи мамлакатлар байроқдорлари чиқиб келишди. Ўзбекистон спорт делегациясида эркин курашчимиз Муҳаммадрасул Раҳимов байроқдор вазифасини бажарди.

Тадбир давомида йиғилганлар ажойиб лазер шоу гувоҳига айланишди. Акробатчилар эса ўзларининг мураккаб чиқишлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлишди. Улар спортчиларга ҳос ирода, қийинчиликларга қарамай ғалабага бўлган интилишни намойиш этиб беришди. Маросим учун махсус дастур ишлаб чиқилган эди. Бир сўз билан айтганда Аргентина ўйинларга юқори савияда тайёргарлик кўргани маълум бўлди.

Халқаро олимпия қўмитаси байроғи кўтарилганидан сўнг ўсмирлар Олимпия ўйинларига расман старт берилди. Бугун спортчиларимиз мусобақада баҳсларга киришадилар.

Миллий олимпия қўмитаси старт олаётган Олимпия ўйинларида ўсмирларимизга муваффақиятлар тилайди.

Суратлар муаллифи: Анвар Ильясов