Отабек Имомов – Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг янги раиси

Бугун, 5 октябрь куни пойтахтимиздаги “Миллий” стадионининг анжуманлар залида Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, камондан отиш федерацияси ходимлари, вилоятнинг федерация бўлими вакиллари, спортчи ва мураббийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойберганов олиб борди.  Конференция давомида бунгача эришилган ютуқлар, қўлга киритилган муваффақиятлар учун федерациянинг аввалги раиси Жамолиддин Бобохоновнинг хизматлари алоҳида қайд этилди ва миннатдорчилик рамзи сифатида унга зарбоп чўпон кийдирилди.

Шундан сўнг Отабек Собитжонович Имомов номзоди Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси лавозимига таклиф қилинди. Конференция иштирокчилари бир овоздан ушбу номодни қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа О.Имомов Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг раиси лавозимига сайланди.

Сир эмаски, камондан отиш бўйича Ўзбекистон жаҳонда етакчи мамлакатлар қаторида эътироф этилмайди. Аммо, янги раҳбарият келажакда спортнинг ушбу турини ривожлантириш, оммалаштиришни мақсад қилган.

“Асосий мақсадимиз давлатимиз раҳбари томонидан спорт йўналиши бўйича қўйилган вазифаларни бажаришдир. Келажакда янгидан-янги марраларни забт этамиз. Насиб қилса Токио 2020 Олимпия ўйинларига нафакат лицензия қўлга киритамиз, балки медаллар учун ҳам ҳаракат қиламиз”, – деди федерациянинг янги раиси Отабек Имомов.

Миллий олимпия қўмитаси янги раҳбариятга бу йўлда муваффақиятлар тилайди.