Ўсмирлар Олимпиадасига тайёрмиз: Ўзбекистон спорт делегацияси Аргентинага етиб борди

Хабарингиз бор, 6-18 октябрь кунлари Буэнос-Айресда III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини спортнинг 16 турида 37 нафар спортчи ҳимоя қилади.

Бугун делегациямизнинг асосий қисми ўйинлар ўтказиладиган Буэнос-Айрес шаҳрига етиб борди. «Ezeiza International» халқаро аэропортида вакилларимизни Миллий олимпия қўмитасининг ишчи гуруҳи аъзолари кутиб олишди.

Маълумот учун, III ёзги ўсмирлар Олимпиадасида жаҳоннинг 206 мамлакатидан 15-18 ёшдаги 3926 нафар спортчи иштирок этади. 32 спорт турида баҳслар ташкил қилинади. Ўйинларда илк маротаба иштирокчи ўғил-қизлар сони мутаносиблиги вужудга келган (1963 нафардан).

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар Олимпия ўйинларнинг тантанали очилиш маросими 6 октябрь (Тошкентда 7 октябрь тонги) куни бўлиб ўтади.