Паралимпиячиларимиз Жакартага етиб боришди

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳамюртларимиз ушбу мусобақада иштирок этиш учун пойтахтимиздан жўнаб кетганликлари ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Бугун Ўзбекистон делегациясининг катта қисми Параосиё ўйинлари ўтказиладиган Жакарта шаҳрига етиб борди. Уларни маҳаллий «Soekarno Hattа» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги фавқулотда ва мухтор элчиси Улуғбек Рўзиқулов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси ишчи гуруҳи аъзолари, Жакартада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, ташкилий қўмита томонидан Ўзбекистон спорт делегацияси учун бириктирилган кўнгиллилар кутиб олишди.

Спортчи ва мураббийларимиз аэропортдан тўғри Кемайоран даҳасидаги Паралимпия шаҳарчасига йўл олишди. Улар Параосиё ўйинлари давомида айнан шу ерда истиқомат қилишади. Мазкур ўйинларда спортчиларимиз паралимпия спортининг дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар.

Маълумот учун, 6 октябр соат 18:08да (Тошкент вақти билан 16:08) Жакартадаги «Gelora Bung Karno Stadium»да мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 7 октябрдан эса асосий мусобақаларга старт берилади.