Паралимпиячиларимиз Индонезияга жўнаб кетишди

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам иштирок этадилар.

Бугун Паралимпиячиларимиз Жакартага тантанали равишда кузатилди. Аввалига Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида спортчилар учун байрам дастурхони ёзилди.

Сўнгра Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Параосиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи спортчиларимизни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Маросимида Миллий олимпия қўмитаси, Миллий Паралимпия ассоциацияси вакиллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, III Параосиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк маротаба 54 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳамюртларимиз спортнинг бешта тури: пауэрлифтинг, дзюдо, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика бўйича баҳсларда ўз омадларини синаб кўришади.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу мусобақада паралимпиячиларимизга муваффақиятли иштирок этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб қолади.