Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксда яна бир ғалабасини нокаут эвазига қўлга киритди

Жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори ҳисобланган Шаҳрам Ғиёсов бугун Лондондаги машҳур «Уэмбли» стадионида профессионал рингдаги бешинчи жангини ўтказди.

Баҳсда ўзбек чарм қўлқоп устасига никарагуалик Хулио Лагуна рақиблик қилди. Саккиз раундга мўлжалланган баҳс тўртинчи раунддаёқ ниҳоясига етди. Боксчимиз тўртинчи раундда зарбалар сериясини ижро этди ва рақибини муддатидан олдин мағлубиятга учратди.

Шу тариқа, Шаҳрамнинг профессионал боксдаги ғалабалари сони бештага етди.

Қайд этиш лозимки, Лагуна Шаҳрамнинг фаолиятида тўқнаш келган энг жиддий рақиблардан бири эди. Бунгача у проф рингда 14та жангда рингга чиқиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонганди. 10та жангда эса рақибларини нокаутга учратганди. Ғиёсов эса унга фаолиятидаги илк мағлубиятни тақдим этди.

«Уэмбли» стадионида чиройли жанг кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ғалаба қозона олганимдан жуда хурсандман. Навбатдаги жангларимда ҳам нокаут эвазига ғолиб чиқишга ҳаракат қиламан. Ҳаваскор боксда кўп нарсага эришганман. Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпионлиги… Энди проф рингда ҳам юқори чўққиларни забт этмоқчиман», – деди боксчимиз.