Пойтахтимизда таэквондо WTF бўйича «Элчи кубоги» турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Хабар бериб ўтганимиздек, пойтахтимизда таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасида Корея Республикаси элчиси кубоги учун мусобақа бошланди. Бугун пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларига омад тилаб, юртимизда Корея Республикасининг миллий спорти ҳисобланган таэквондо тобора ривож топиб бораётгани, бунга мисол сифатида Индонезиядаги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик таэквондочиларнинг қайд этган натижаларини келтириб ўтишди.

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси жаноб Квон Ён Унинг ўзбек тилида билдирган тилаклари эса йиғилганларнинг давомли олқишига сазовор бўлди.

Шундан сўнг даврага Кореядан ташриф буюрган жаҳонга машҳур «Куккивон» клуби спортчилари чиқиб келишди ва ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш этишди. Таэквондо спортининг ажойиб ҳаракатлари акс этган турли чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Бугун ушбу ажойиб чиқишларни кўра олмаганлар эртага, 23 сентябрь куни мусобақанинг ёпилиш маросимида ушбу томоша гувоҳига айланишлари мумкин.

Турнир давом этмоқда. Беллашувлар эртага ниҳоясига етади.

22 Sentabr, 2018|Янгиликлар|