Миллий олимпия қўмитасида янги ишланган “Бир жамоа” видеоклипининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун Миллий олимпия қўмитасида жорий йилнинг 6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги ПараОсиё ўйинларига бағишланган тадбир ташкил этилди. Мазкур мусобақа олдидан Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида ижтимоий видеоролик тайёрланди. Бугун ушбу видеомаҳсулотнинг тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, Миллий паралимпия ассоциацияси вакиллари, видеоклип сценарий муаллифи ва режиссери Лола Йўлдошева бошчилигидаги ижодий гуруҳ, паралимпия спортчилари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Клип намойиши олдидан таниқли қўшиқчи ва режиссер, эстрадамизнинг ёрқин юлдузларидан бири Лола сўз олиб, шундай деди:

“Миллий олимпия қўмитаси, Паралимпия ассоциацияси ва мактабгача таълим вазирлигидан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф тушгач, иккиланмасдан уни қабул қилдим. Чунки бу мен учун янги чорлов, ўзига ҳос чақириқ эди. Мен клипда замонавий суперқаҳрамонларни, барча қийинчиликларга бардош бера оладиган, иродаси мустаҳкам инсонларни акс эттиришни ҳоҳладим. Лойиҳада Раъно Шодиевани ҳисобга олмаганда бирорта профессионал актерлар хизматидан фойдаланмадик. Аксинча Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси спортчиларини тасвирга олиш ишларига жалб қилдик. Улар чиндан ҳам қаҳрамонлар. Бугун ушбу клипни томоша қилиб бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Уларда ниҳоятда мустаҳкам ирода, сабр-бардош, хаётга бўлган ишонч ва умид мужассам. Мен биз билан ушбу лойиҳа устида ишлаган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Уйлайманки “Бир жамоа” лойиҳаси муҳлисларга манзур келади”.

Лойиҳада айтиб ўтганимиздек, паралимпиячи спортчилар, нуфузли халқаро турнирлар ғолиблари қатнашишган. Улар видеомаҳсулот давомида ўз ҳаракатлари билан ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкинлиги ва муваффақиятга етакловчи йўл оғир аммо шарафли эканлигини намойиш этиб беришади. Таъкидлаш лозимки, мазкур ижтимоий лойиҳа қўпгина паралимпия спортчилари, имконияти чекланган инсонлар учун яхшигина мотивацион характерга эга ва яқинда старт оладиган ПараОсиё ўйинларида паралимпиячиларимиз кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, уларни янгидан янги ғалабалар сари чорлаши шубҳасиз.