Ўзбекистонда конкур бўйича «FEI World Jumping Challenge» мусобақаси ўтказилмоқда

Ўзбекистон илк маротаба от спортининг конкур йўналиши бўйича Жаҳон кубоги финали «FEI World Jumping Challenge» мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Қоидага кўра ушбу «Чақириқ кубоги» Халқаро от спорти федерацияси томонидан танлаб олинган жаҳоннинг турли «спорт минтақалари»даги энг кучли чавандозлар иштирокида бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа финалида йил давомида ўз лигаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган спортчилар қатнашадилар. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, финалда 10 та минтақадан энг яхши 20 нафар спортчи иштирок этади.

Бу йил баҳсларда 17 мамлакат вакиллари ўз омадини синаб кўрмоқда. Улар ичида ўзбекистонлик икки нафар чавандоз ҳам бор:

Саидамир Турғунбоев – 2017 йили Гонконгда ўтказилган Осиё чемпионатининг кумуш медали соҳиби.

Абдушукур Собиржонов – шу йил октябрь ойида Аргентинада бўлиб ўтадиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган спортчимиз.

Бугун мусобақаларнинг дастлабки куни бўлиб ўтмоқда. Чавандозлар конкурда 115 ва 120 см баландликдаги баҳсларда иштирок этишмоқда. Ушбу баҳсларда «FEI World Jumping Challenge» финалчилари номи аниқ бўлади. Дастлабки саралаш конкуридан сўнг ҳамюртимиз, «БАБОС» от спорти клуби аъзоси Саидамир Турғунбоев ўзининг «Амбассадор» лақабли отида, хеч қандай жарима очколарисиз етакчилик қилмоқда.

7 Sentabr, 2018|Янгиликлар|