Индонезиядаги Осиё ўйинлари қаҳрамонлари Тошкентда тантанали тарзда кутиб олинди + ФОТОГАЛЕРЕЯ

Хабарингиз бор, ўзбекистонлик спортчилар Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларини якунлашди.

Ҳамюртларимиз ушбу ўйинларда муваффақиятли иштирок этиб, 21та олтин, 24та кумуш ва 25та бронза медалларига эга чиқишди. Мусобақа давомида 70та медаль қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобига кўра бешинчи ўринни эгаллади.

Бугун Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар Жакартадан юртимизга қайтиб келишди. Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари пойтахтимизга мамлакатимиз Президенти жўнатган Боинг 787 Dream Liner’а чартер рейсда учиб келишди.

Осиё ўйинлари қаҳрамонлари пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари ва бошқа бир қатор масъул мутасаддилар, спортчилар, уларнинг яқинлари, мухлислар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов очиб берди. Бош вазир сўзга чиқар экан, ушбу Осиё ўйинлари спортчиларимиз учун муваффақиятли кечганлиги, ҳамюртларимиз қитъанинг бир қатор йирик мамлакатларини ортда қолдириб кетганлигини, демак спортчи ва мураббийларимиз айни пайтда тўғри йўлдан кетаётганликларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг делегациямизни табриклаш учун бир қатор таниқли шаҳслар, Осиё ўйинлари чемпионлари Светлана Радзивил, Исроил Мадримов, мусобақаларда совриндор бўлган спортчиларимизнинг яқинлари сўзга чиқишди ва ушбу муваффақият учун халқимиз, Президентимиз, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига миннатдорчилик билдиришди.

Тадбир якунида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова сўзга чиқди ва юртдошларимизни ушбу муваффақият билан табриклади. Сўнгра йиғилганлар билан жўрликда «Хеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» қўшиғи куйланди.

Аэропортдаги тадбир якунланганидан сўнг спортчиларимиз махсус ажратилган икки қаватли автобусларда Миллий олимпия қўмитасига йўл олишди. Спортчилар у ерда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот қилишди, эсдалик учун суратга тушишди.

Демак, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири ҳисобланган Осиё ўйинлари ҳам ортда қолди. Индонезиядаги ўйинлар якунланиши билан, Токио 2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик расман бошланди. Умид қиламизки, икки йилдан сўнг кунчиқар юртда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, ушбу зафарли юришларни давом эттирадилар.