Осиё ўйинлари. Футболчиларимиз Қатар устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонишди ва муддатидан олдин кейинги босқичга йўл олишди

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Осиё ўйинларининг иккинчи тури доирасида Қатар терма жамоасига қарши баҳс олиб боришди.

Учрашу олдидан Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов футболчилар билан учрашиб, уларга омад тилади. Чиройли ўйин ва ғалаба билан Ўзбекистондаги миллионлаб футбол мухлисларини, бутун халқни хурсанд қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бундан руҳланган олимпия терма жамоаси аъзолари Қатарга қарши ажойиб ўйин кўрсатиб, йирик ҳисобда ғалабага эришишди.

Ўйин тўлалигича терма жамоамиз аъзолари устунлиги остида кечди. 38-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Икром Алибоев жаримадан ажойиб гол киритиб, ҳисобни 2:0га етказди. Иккинчи бўлимни фаол бошлаган футболчиларимиз тезкор гол киритишга муваффақ бўлишди. Достон Ҳамдамов 46-дақиқада рақибни чиройли тарзда алдаб, дарвозани ишғол қилди – 3:0. 49-дақиқада Жавоҳир Сидиқов бўш қолган дарвозага осонлик билан тўпни йўллаб ҳисобни 4:0га етказган бўлса, 53-дақиқада Жалолиддин Машарипов ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг пенальтидан гол киритди ва ҳисоб 5:0га етди. 74-дақиқада Бобир Абдихолиқов рақиб хатосидан унумли фойдаланган ҳолда ҳисобни жуда йирик кўринишга олиб келди – 6:0!

Ушбу ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учрашувни вакилларимиз Таиланд терма жамоасига қарши ўтказишади.

Осиё ўйинлари. Қатар ОТЖ – Ўзбекистон ОТЖ 0:6

Гол: З.Ўринбоев (37), И.Алибоев (43), Д.Ҳамдамов (47), Ж.Сидиқов (49), Ж.Машарипов (53), Б.Абдихолиқов (74).

Қатар ОТЖ: М.Бадриддин, Т.Салмон, У.Алимадий, Т.Алмуҳаза, А.Ҳесаба, М. Ал Шаммарий, Н.Ал наср,Ж.Омар, М.Фараж, А.Ал Саадий, О. Ал Аҳмад.

Ўзбекистон ОТЖ: Ботирали Эргашев, Аббос Отахонов, Достон Турсунов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Икром Алибоев, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов, Жалолиддин Машарипов, Забиҳулло Ўринбоев.

16 Avgust, 2018|Янгиликлар|