Ўзбекистонда янги мусобақа: Мақсад иқтидорларни Олимпия спорт турларига жалб қилиш

Ўзбекистонда Олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақалардаги муваффақиятлар салмоғини ошириш борасида ҳаракатлар жадал равишда олиб борилмоқда. Бу борада навбатдаги қадам ташланди десак муболаға қилмаган бўламиз. Бугун Миллий олимпия қўмитасида бокс, дзюдо, таэквондо WTF ва каратэ WKF спорт турлари бўйича саралаш мусобақаларини ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда юқорида қайд этилган спорт федерациялари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Йиғилишда шарқ яккакурашларининг турли йўналиши билан шуғулланаётган ёшларимизни Олимпия спорт турларига жалб қилиш, улар учун махсус мусобақа ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

Унга кўра кикбоксинг, муайтай, қўл жанги, ушу билан шуғулланаётган спортчиларимиз ўртасида бокс бўйича турнир ташкил қилиш таклиф этилди. Кураш, самбо, белбоғли кураш, жиу-житсудан дзюдога, таэквондонинг анъанавий, шунингдек, ITF ва GTF йўналишлари, ўзбек жанг санъати, жун ри додан таэквондо WTFга, фудокан каратэ-до, анъанавий каратэ ва шотокан каратэ-додан эса каратэнинг WKF йўналишига йўналтириш ишлари олиб борилади.

15-21 ёшли спортчилар иштирокида ташкил қилинадиган мусобақа жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказиш режалаштирилди.

 

26 Iyul, 2018|Янгиликлар|